Махсус имкониятлар
Шрифт катталиги:
A A
Сайт кўриниши:
A A

ЛБМА ва Люджоу (ХХР) шаҳри маъмурияти ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

ЛБМА ва Люджоу (ХХР) шаҳри маъмурияти ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

2019 йил 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида Люджоу (ХХР) шаҳрининг халқ ҳукумати вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда директор ўринбосари Д. Мақсудов бошчилигидаги Агентликнинг масъул ходимлари, Хитой томонидан – Люджоу шаҳрининг Халқ ҳукумати ижрочи вице-мери Жаноб Лю Ке бошчилигидаги делегация вакиллари иштирок этди.

Директор ўринбосари Д. Мақсудов сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасида иқтисодий фаоллик даражаси юқори бўлган, умумий савдо айланмаси 6,4 миллиард долларни ташкил этган мустаҳкам икки томонлама алоқалар шаклланганлигини қайд этди.

«Хитой кетма-кет тўрт йил давомида Ўзбекистонга энг йирик инвестиция манбаи ҳисобланади. Хитой Ўзбекистонни «Бир макон - бир йўл» ташаббусини амалга оширишда муҳим шериклардан бири деб ҳисоблаётганидан, Ўзбекистонда инфратузилма, транспорт ва телекоммуникацияларга катта сармоя киритаётганидан миннатдормиз. Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар икки мамлакат раҳбарлари ўртасида ўзаро сиёсий англашув билан қўллаб-қувватланмоқда», деди у.

Хитой томони Жиззах ва Люджоу шаҳарларига дўстона, ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш йўлидаги рамзий ва оқилона қадам сифатида «биродар шаҳарлар» мақомини бериш ташаббусини илгари сурди.




Учрашувда Жиззах ва Люджоу шаҳарлари ўртасида экспорт-импортни йўлга қўйиш ва ўзбек автомобил саноати учун маҳаллий автомобил эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида саноат, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, савдо, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, спорт, санъат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратишга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.

Хитой делегацияси ўзбекистонлик вакилларни саноат ишлаб чиқариш объектлари билан танишиш учун Люджоу шаҳрига ташриф буюришга таклиф қилди.




Маълумот учун: Гуанси-Чжуан автоном туманининг марказида жойлашган Люджоу шаҳри нафақат машҳур тарихий ва маданий шаҳар, балки қизиқарли сайёҳлик жойидир. 18,707 квадрат километрлик майдонда 4 миллион аҳолиси бор. Гуанси-Чжуан автоном ҳудудида энг йирик саноат базаси ҳисобланади.

Люджоу илм-фан (телекоммуникация ва IT, шу жумладан, амалий илмий тадқиқотлар) ва таълимнинг муҳим маркази. Шаҳарда ва шаҳар атрофида 13 илмий-тадқиқот институти, 7 саноат илмий-тадқиқот институти, 111 компания ва илмий-тадқиқот ва синов-конструкторлик ишланмалар марказлари, шу жумладан автомобиллар учун янги материаллар ва эҳтиёт қисмлар, нодир металлар, бамбук ёғоч массасидан қоғоз ишлаб чиқариш технологиясини жорий этиш бщйича миллий муҳандислик-технологик тадқиқот марказлари жойлашган.

Манба: КРЭ.

Рўйхатга қайтиш

Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги №ПФ-5624-сонли фармонига асосан ташкил этилган.