Махсус имкониятлар
Шрифт катталиги:
A A
Сайт кўриниши:
A A

ЛБМА инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш тизимини жорий этмоқда

ЛБМА инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш тизимини жорий этмоқда

Республика раҳбарияти томонидан лойиҳаларни жадал амалга ошириш бўйича қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ЛБМА «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат қилиш ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизимини (кейинги ўринларда — тизим) жорий этмоқда, бу эса республика бўйича инвестиция ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Инвестиция ва маҳаллий дастурларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини мониторинг қилиш имконини беради. Лойиҳа доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ходимларини ўқитиш ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва халқаро молия институтлари иштирокида лойиҳаларни самарали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади, тасдиқланган тармоқ жадвалларини сифатли ва ўз вақтида бажариш, ишончли статистик маълумотларнинг шаклланишини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ЛБМА томонидан лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланган «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат қилиш ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) ишлаб чиқилди.


Ишлаб чиқилган тизим қўйидаги имконларни беради:

·          лойиҳаларни ҳисобга олиш, уларнинг амалга оширилишини назорат ва мониторинг қилиш жараёнларини автоматлаштириш;

·          лойиҳаларнинг муддатлари, бюджети, мақсадлари ва кўрсаткичлари устидан назоратни амалга ошириш;

·    инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг жалб этилган ва ўзлаштирилган ҳажмлари бўйича ишончли маълумотларни шакллантириш;

·          лойиҳаларни амалга оширишда қувватларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича хавф-хатарларни аниқлаш;

·          инвестициядан кейинги даврда, лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган мақсадли кўрсаткичларга эришишни кузатиб бориш.

Тизимни ишлаб чиқишда инвестиция дастурлари амалга оширилишининг истиқболдаги талаблари ва тенденциялари инобатга олинган. Тизимнинг функционал имкониятлари максимал даражада «эгилувчан» форматда яратилган бўлиб, қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, тизим фойдаланувчилари ва администраторлари учун тизимли занжирларни созлаш имкониятини беради. Киритиладиган ва тизимдан олинадиган лойиҳалар амалга оширилишини кўрсатувчи маълумотлар, шакллар, жадваллар ва инфографикаларни созлаш параметрлари деярли чегараланмаган имкониятларга эга.

Тизим икки тилда: ўзбек ва рус тилларида ишлаб чиқилган.

Айни пайтда тизим тест режимида ишламоқда, лойиҳалар ташаббуси билан чиқиш, уларни амалга ошириш, назорат ва мониторинг қилиш жараёнига жалб этилган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларини тизимга улаш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Ахборот тизимини жорий этиш реал вақт режимида самарали мониторинг олиб бориш, лойиҳаларнинг белгиланган муддатларда бажарилишини, инвестициялар жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштириш шаффофлигини таъминлаш, лойиҳаларни амалга оширишда хавфларни прогнозлаш ва олдини олиш, мақсадли кўрсаткичларга эришиш ва бу орқали лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш имконини беради.

Ахборот тизими Ўзбекистон Республикасида лойиҳа бошқаруви институтини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, тегишли харажатлар ва бюрократик сансалорликни камайтириш имконини беради.

2019-йил 14-май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5717-сонли Фармони қабул қилинди, унга асосан «UZINFOCOM» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖ тизим оператори этиб белгиланди.

2019 йил 19 августдан бошлаб Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ходимлари учун тизим билан ишлаш бўйича мастер-класслар ўтказиш учун Агентлик ва «UZINFOCOM» вакиллари томонидан республика ҳудудларига чиқиш режалаштирилган. Мастер-классларда тизимга дастлабки маълумотларни киритиш, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини мониторинг қилиш ва бошқариш бўйича тренинглар ўтказилади.

Тизимнинг мукаммал ва узлуксиз ишлашини, шунингдек барча фойдаланувчиларнинг ўз вазифа ва функцияларини сифатли ва ўз вақтида бажарилишини ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 июлдаги «Инвестиция лойиҳаларини назорат ва мониторинг қилиш соҳасида ахборот тизимини жорий этиш ва ундан фойдаланиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 616-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан ахборот тизимини жорий этиш ва ундан фойдаланишни ташкил этиш тўғрисида Регламент тасдиқланди.

Рўйхатга қайтиш

Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги №ПФ-5624-сонли фармонига асосан ташкил этилган.